Жамият
22.12.2023
28
Бугунги кунда рақамлаштириш масаласи давлатимиз, жамиятимиз учун қанчалик зарур, фойдали ва муҳим экани ҳеч кимга сир эмас ва бу Янги Ўзбекистонда энг устувор вазифага айланди. Зеро, қандай соҳа бўлишидан қатъий назар унинг истиқболи ва ривожланишини замонавий технологияларсиз тасаввур этиш жуда мушкул.
Айниқса, ҳудудларда ўз фаолиятини бошлаётган IТ парклар, ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда ўқув марказларининг ташкил этилиши, стартап ғояларнинг илгари сурилиши аҳоли турмуш тарзи ва фаровонлигининг яхшиланишига хизмат қилиш билан бирга, у ердаги маҳаллий ривожланиш даражасига ҳам ижобий таъсир қилади.
Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, таълим, банк, молия божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилди. 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди.
Йил якунига қадар IT хизматлари ҳажми 10 трлн сўмга етказилиши, экспорт эса 300 млн доллардан ошиши кутилаётгани ҳам соҳада ишлар жадал суръатлар билан кетаётганидан далолат беради. Лекин ҳали ушбу соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш бўйича қилинадиган ишлар ҳам жуда кўп.
Президентимиз шу йил 20 декабрь куни тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбарлигини қайд этди. Бундан шуни англаш мумкинки, “агар ҳозирги замонда раҳбар бўлиб ишлайман десанг, ўзингнинг соҳанг, вазирлигинг, идоранг, корхонангда рақамлаштириш жараёнини изчил амалга оширишга мажбурсан”. Бу нафақат давлат раҳбарининг талаби, бугунги замоннинг талаби ҳамдир.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги IT шаҳарча лойиҳасини маъқуллаб, шу тажриба асосида 2024 йил якунига қадар ҳар бир туманда шундай шаҳарча яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистонни минтақавий “IT” марказга айлантириш борасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини Самарқанд вилояти мисолида ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 14 сентябрь куни Нуробод туманида жойлашган “IT Village” мажмуасида Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Ушбу мажмуа “UZINFOСOM – Ягона интегратор” томонидан 2022 йилнинг октябрь ойида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Нуробод ҳамда унга туташ туманларда истиқомат қилувчи ёшларга “Ёш дастурчи” ҳамда “Инглиз тили” йўналишларида бепул таълим дастурларини тақдим этиб келмоқда.
Ўрганиш доирасида “IT Village” мажмуаси билан танишиб, шаҳарчада таҳсил олаётган ёшлар билан суҳбатлашдик ва уларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтардик. Марказда ёшларнинг ушбу соҳага бўлган қизиқишларини кўриб, бундай шаҳарчани бошқа ҳудудларда ҳам барпо этиш мақсадида 2024 йил учун давлат бюджети муҳокамасида Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари ҳудудларида ҳам шундай мажмуани ташкил этиш юзасидан қатор таклифлар бердик.
Видеселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Нурободдаги “IT Village” лойиҳасини маъқуллаб, шу тажриба асосида 2024 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда шундай шаҳарчаларни яратиш муҳимлигини қайд этди. Бу таклиф депутатларимизнинг айни дилидаги гап бўлиб, очиғи барчамизни мамнун этди. Шубҳасиз буларнинг барчаси йигит-қизларнинг замонавий ахборот технологияларини мукаммал ўзлаштиришда, улардан самарали фойдаланишда ва билимларини келгусида ўзлари учун даромад манбаига айлантиришда муҳим омил бўлади.
Йиғилишда жуда кўп рақамлар айтилиб, IT соҳасининг ривожи бўйича қандай ҳолатдамиз ва қайси томонга қараб кетишимиз кераклиги аниқ кўрсатилди. Ва бу борада келгуси йилдан бошлаб ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қатор қўшимча шароитлар яратилиши, соҳага янги вазифалар ва эришиш учун зарур бўлган янги марралар белгилаб берилди.
Умуман олганда, йиғилишда ушбу соҳани ривожлантириш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг барчаси жуда муҳим ва долзарб бўлиб, уларни ўз вақтида ижро этилиши IT соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Агар ушбу масалага тўғри ёндашсак, аниқ режа ва мақсадлар асосида ишларни давом эттирсак, бу борада жуда катта натижаларга эришишимиз мумкин.
Бахтиёр Маниязов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
Улашиш: