Ўзбекча

Олий таълимда коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш учун қандай чоралар кўриляпти?

Жамият

12.06.2024

eye

218

news-single

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 24 майдаги тегишли фармонига асосан татбиқ қилинаётган янги тизим бўйича давлат грантлари фақат бир йил муддатга берилади. Бунда асосий мезон – талабанинг бир йил давомидаги академик кўрсаткчилари. 

Адолатли тизим, чунки амалдаги тартиб бўйича давлат грантини қўлга киритган талаба бутун ўқув жараёни мобайнида “хотиржам” юриб, ўша грантни оқлаши қийин масала. Жорий қилинаётган янги тартиб эса доимий равишда аъло даражада ўқиш, академик рейтингда яхши натижаларга эришишда мотивацион характерга эга. 

Шу билан бирга, бу тизим коррупцион ҳолатларнинг янги кўринишини келтириб чиқариши мумкин. Негаки энди ҳар бир талаба бўлмаса ҳам, кўпчилиги рейтингда юқори кўрсаткичларга эришиш учун бор ресурсларини сарфлайди ва, албатта, моддий рағбатлантириш, яъни порани ишга солиш бу мақсадга эришишда “қулай” йўллардан. Бу эса бизни яна ўша инсон омилига олиб боради, зеро баҳони барибир ўқитувчи қўяди. Фақат бу сафар грант илинжида педагогнинг хайрихоҳлигини “сотиб олиш” учун талабгорлар каррасига кўпаяди.

Жорий этилаётган янги тизимнинг шу нозик, муҳим жиҳатини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўзининг фаолиятида ҳисобга олганми, яъни бу борада урчиб бориши эҳтимолидан йироқ бўлмаган коррупциявий ҳолатларни, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар назарда тутилган?

Шу маънодаги савол билан бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да депутатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбай Шариповга юзландилар.

Ҳукумат аъзосининг жавобига кўра, вазирликда бу каби жиддий масала назоратга олинган бўлиб, тегишли низом ишлаб чиқилмоқда. Баҳолаш бўйича эса охирги пайтларда экспериментал тарзда олиб борилган тажрибаларга асосланиб, янги регламент ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, коррупцияга қарши кураш борасида халқаро меъёрларга асосланган комплаенс назорати жорий қилинади. Ундан ташқари, талабаларнинг ҳам иштироки назарда тутилган жамоатчилик назорати механизмини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Вазирлик мутасаддилари иддао қилишича, янги онлайн тизимда коррупциявий мақсадларда талаба баҳоларини кейинчалик ўзгартириш имконсиз бўлиб қолади. Демак, ҳозирда “сессия” пайтида “келишиладиган” масалалар эндиликда семестр бошида “ҳал” қилинар эканда? Яъни, бундан чиқди, коррупциявий схемаларни амалга оширилишда фақатгина вақти ўзгарар эканми?

Улашиш:

Сайт ахборотларидан фойдаланишда «акцент.уз» сайти ҳаволаси кўрсатилиши шарт. 1043 сонли ОАВ (веб-сайт) давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома.

Аксент.уз таҳририятининг телефон рақами

+ () --

акцент.уз © 2025