Иқтисодиёт
14.08.2024
76
Янги қонун лойиҳаси билан банклардаги кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси икки юз миллион сўм қилиб белгиланяпти. Бу суммадан юқори ҳажмдаги омонатларга нима бўлади? Чеклов банкларнинг омонат жозибадорлигини пасайтириб юбормайдими? Қолаверса, қонунни ёзишда, ҳар доимгидек, ҳуқуқшунослар хизматидан минимал даражада фойдаланилган кўринади: чегараларни белгилашда БҲМ каби ликвид кўрсаткичлар эмас, муайян вақтда долзарб бўлган аниқ рақамлар келтирилган.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисида "Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Қонун ижодкорларининг айтишича, омонатлар кафолати юқори чегарасини белгилашда омонатларнинг амалдаги ҳолати тўлиқ таҳлил қилинган бўлиб, ушбу миқдор бугунги кунда мамлакатимизда 99,7 фоиз омонатчиларнинг банклардаги маблағлари тўлиқ кафолатланишини таъминлар экан.
Агар шу вақтгача мавжуд омонатларнинг 99,7 фоизи янги тизим билан кафолатланаётган бўлса, тизимни ўзгартиришдан маъно нима? 0,3 фоиз омонатнинг миқдори қанча экан?
Қонуннинг долзарблик жиҳатлари ҳам бор. Масалан, амалдаги омонатларни кафолатлаш тизими барча тижорат банкларини қамраб олмаган. Маълумотларда айтилишича, Халқ банки омонатларни кафолатлаш тизимида ўзи иштирок этмайди: омонат қўйсангиз, у давлат томонидан кафолатланади. Яъни банкнинг ўзи омонатни кафолатламайди. Бу эса молия хизматлари бозорида рақобатни пасайтириб юбориши мумкин.
Улашиш: