Иқтисодиёт
14.03.2025
751

Ўзбекистонда мол гўшти нархи 8,1 АҚШ долларини ташкил этиб, 127 давлат орасида 91-ўринни эгаллади. Қозоғистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистонда бу нарх 7 доллардан сал юқори. Нумбео халқаро сервиси маълумотларига кўра, МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон гўшт нархи юқорилиги билан ажралиб туради.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил февраль ойида жаҳон бозорида гўшт нархи ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошган. Мутахассислар бу ҳолатни мол гўштига барқарор талабнинг сақланиб қолиши ва етказиб бериш занжиридаги муаммолар билан изоҳлашмоқда.
Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари нархи сўнгги бир йилда 14,4 фоизга ошди. Статистика агентлиги маълумотига кўра, суякли мол гўшти 18,5 фоизга, қўй гўшти эса 19,4 фоизга қимматлашган. Бироқ паррандачилик соҳаси бироз барқарорликни сақлаб қолган: парранда гўшти нархи аксинча, 0,8 фоизга пасайган.
Энг қиммат мол гўшти Швейцарияда сотилмоқда – 44,3 доллар. Шунингдек, Исландияда 38,7, Жанубий Кореяда 28, Норвегияда 26,8 ва Люксембургда 23,9 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Арзон гўшт эса асосан Африка ва Жанубий Осиё давлатларида: Кения (4,97), Гана (4,78), Нигерия (4,50) ва Покистонда (4,04 доллар).
Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда гўшт нархининг ошишига чорвачилик секторидаги харажатларнинг ортиши, ем ва ресурслар етишмовчилиги ҳам сабаб бўлмоқда. Келгусида нархларни барқарорлаштириш учун давлат чорвачиликни ривожлантириш ва импорт ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши кутилмоқда.
Улашиш: