Иқтисодиёт
14.03.2024
178
Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда иситиш ва совитиш тизими учун геотермал энергиядан фойдаланиш дастурини ишга туширди, дея хабар бермоқда Trend нашри.
Қўшма тадбирнинг очилиш маросимида халқаро экспертлар, Қирғизистон парламенти депутатлари, халқаро ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, давлат идоралари ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев очилиш маросимидаги нутқида Қирғизистонда геотермал энергетиканинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, бу борада хусусий сектор учун имтиёзли молиялаштириш дастурлари ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.
Геотермал энергия – Ернинг ички қисмидаги иссиқликдан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ёки тўғридан-тўғри иситиш ёки иссиқ сув таъминоти учун фойдаланишга асосланган энергия тармоғи. Сайёрамиз иссиқлик захиралари деярли тугамайди – унинг ядросининг 1°C га совишида 2*1020 кВт/соат энергия ҳосил бўлади, бу эса бутун Ер юзидаги мавжуд қазилма ёқилғилар энергиясидан ўн минг баравар кўп демак. Бу – инсониятнинг йиллик энергия истеъмолидан миллион баробар кўп дегани. Геотермал энергия экологик жиҳатдан тоза манба бўлиб, атмосферага ҳеч қандай иссиқхона газлари ёки чиқиндилар кўтарилмайди.
Қайта тикланувчи энергия саноатини ривожлантириш келажакда бугун тугаб бораётган қазилма бойликларга қарамликни йўқотиш, атмосферага ажралаётган зарарли чиқиндилар миқдорини камайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистон ҳудуди ҳам геотермал энергияга бой. Геотермал сув манбаларини мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларидан топиш мумкин. Булардан самарадорлиги юқорилари Бухоро ва Сирдарёда. 3 километр чуқурликкача бўлган ер сатҳида ҳисобланган геотермал энергия манбалари 6 700 000 млн тоннани ташкил этади.
Улашиш: