Ўзбекча

Шеърларини куйлаб ёзган шоир

Муҳаррир танлови

26.04.2024

eye

551

news-single

Ўтар қанча йиллар тўзони,

Юлдузлар – кўзёши самони.

Ўтар инсон яхши-ёмони,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Қорачуғда порлаган ўша,

Иқболига чорлаган ўша.

Дунёни тор айлаган ўша –

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Анор сенинг юзларинг, сулув,

Хумор сенинг кўзларинг, сулув,

Ёдда қолмас сўзларинг, сулув,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Оқиб кетди сувларда Тоҳир,

Зуҳро йиғлаб қолди қон бағир.

Келганда ҳам қиёмат охир,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

 

Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?

Ғийбатларинг қилди мени қон.

Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

Бугун, 26 апрель ўзбек халқининг фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Aksent.uz жамоаси ўлмас ижодкор хотирасига замондошлари томонидан билдирилган фикрлар билан ўртоқлашади.


Саид АҲМАД, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси

Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. У одамларни ўйлатган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устидан сочган сахийлик тимсоли эди. Муҳаммад ҳаммани ўзига дўст деб биларди. Ҳеч кимни бегона қилмасди. Қўлида борини дўстларига тарқатмагунча, чўнтаги бўшаб қолмагунча кўнгли тўлмасди. Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда, асл шоирлар узоқ яшамайдилар. Аммо ортидан абадий яшайдиган мерос қолдириб кетадилар. У мана шундай ўлмас мерос қолдирди. Муҳаммад мухлисларининг юрагини ўртаб кетди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор. Бу шеърият асло завол билмайди.


Муҳаммад АЛИ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

...У шу тупроқда туғилди, шу тупроқни севди, шу тупроққа жонини фидо қилди. Андижоннинг танти ва жўмард ўғлонларидан бири Муҳаммад Юсуф ўз шеърларини куйлаб ёзар эди, унинг шеърлари мусиқадай қуйилиб келар, ҳали сиёҳи қуримай қўшиқ бўлиб кетарди. Қўшиқлари шунчалар самимий ва табиий эдики, ўз-ўзингдан хиргойи қилиб юборганингни билмай қолардинг киши. У чинакам халқ шоири, мустақиллик учун курашган ижодкорлардан биридир. Ўзбек, миллат, Ватан, озодлик, ўзбеклик ғурури, улуғ боболарга ворислик туйғуси унинг шеърларида гупуриб туради.


Озод ШАРАФИДДИНОВ, Узбекистон Қаҳрамони

Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, аввало халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди, шуҳрат қозонди. Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзилганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўрингчи! Қўлингиздан келмайди! Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатади, кулдиради, ўз оғушига тортиб олади.


Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

Ажал якка ов қилади дейишади. У ҳеч ким билан маслаҳатлашмас, бошқаларнинг иродасини назар-писанд қилмас экан. Бевақт ўлим адабиётимиз гулшанида барқ уриб очилиб, яшнаб турган бир чечакни уздию кетди. Муҳаммаджонни марҳум дейишга ҳеч тилимиз бормайди. Аммо начораки, бу бор гап. Чинакам шоирнинг қалбида соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилаётгандай эди. Мен Муҳаммаджон билан узоқ йиллар ёнма-ён яшаб, ёнма-ён ишладим. Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кам кўрганман. Санъаткорлар-ку, унинг ҳар бир мисрасини созга олишга тайёр эдилар. Буларнинг сабаби нимада? Биринчи навбатда Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга бошқалар ҳамиша талпинадилар. Одамдан одам узоқлашишини Худойим ҳеч кимга кўрсатмасин. У обрў талашмас, иззатини сўроқлаб югуриб юришдан ор қиларди. Худди шундоқ яхши инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир.

Улашиш:

Сайт ахборотларидан фойдаланишда «акцент.уз» сайти ҳаволаси кўрсатилиши шарт. 1043 сонли ОАВ (веб-сайт) давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома.

Аксент.уз таҳририятининг телефон рақами

+ () --

акцент.уз © 2026