Ўзбекча

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги – намуна

Таҳлил

29.03.2024

eye

685

news-single

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат идораларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти самарадорлиги рейтинги эълон қилинди.

2023 йил натижалари бўйича 95 та давлат ташкилоти, жумладан 36 таси илк маротаба, қолган 59 таси эса такроран баҳолашдан ўтказилиб, уларда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланди. 42 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” (81-100 балл), 38 тасиники “қониқарли” (55-80 балл), 15 тасиники эса “қониқарсиз” (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди. 

Натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг баҳолаш натижалари мустақил ва холис кўриб чиқилган ва хулосалар тақдим қилинган.

Рейтингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Марказий банк, “Ўзкимёсаноат”, Техник тартибга солиш агентлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги бўйича кучли 5 талик қаторидан жой олиб, 90-94 оралиғидаги баллга эга бўлган. Энг ачинарлиси, шунча курашларга, жавобгарликларга қарамай, 15 та ташкилот ва идоралар қониқарсиз балл олиб, қизил рўйхатга тушиб олган. Улар орасида Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари ҳам бор.

Шунингдек, Ўзэнергоинспекция, Кинематография агентлиги ва Сув хўжалиги инспекцияси ҳаттоки 10 балл ҳам йиға олмай, “Қониқарсизлар” рейтингининг энг охирги ўринларини банд қилган.

Баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. “Қониқарли” деб баҳоланган тузилмаларга уларнинг бу борадаги фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар киритиш белгиланган.

“Қониқарсиз” деб баҳоланган ташкилотларда коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Ижросини таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.

 

Улашиш:

Сайт ахборотларидан фойдаланишда «акцент.уз» сайти ҳаволаси кўрсатилиши шарт. 1043 сонли ОАВ (веб-сайт) давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома.

Аксент.уз таҳририятининг телефон рақами

+ () --

акцент.уз © 2025